Юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини умумҳалқ байрами сифатида нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Зеро, она Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фарзанд учун муқаддас йигитлик бурчи ҳисобланади. Бу шарафли ишга бутун вужуд, қалб, иймон-эътиқод билан тайёр туриш, ҳамиша сергак ва огоҳ бўлиш, замонавий ҳарбий ва техник билимларни пухта эгаллаш талаб этилади. Шу боисдан ҳам фарзандларимизни аждодлардан бизга мерос бўлиб келаётган эзгу фазилатлар ҳисобланмиш мардлик, матонат ва жасорат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири саналади.
Ватанни ҳимоя қилиш эл-юрт тинчлигини асраш, ҳалқимизнинг буюк келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш, мустақил Ўзбекистоннинг ҳалқаро ҳамжамият сафлардаги ўрни ва нуфузини ошириш демакдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар қайси давлатнинг чегараларини дахлсиз сақлашда ҳарбий куч-қудрат, қуролли кучлар сув билан ҳаводек зарур. Аммо халқимиз, авваламбор, ёш авлод маънавий оламининг дахлсизлигини асраш учун биз нималарга таяниб иш олиб боришимиз керак, деган савол бугун барчамизни ўйлантириши табиий. Зеро, мамлакатимиз сарҳадлари мустаҳкам, одамларнинг кўнгли хотиржам, яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари авж олган жойда, шубҳасиз, миллий тараққиёт ривожланади.
|